Бухоро вилоятининг эски ҳокими ҳам, амалдаги ҳокими ҳам коронавирусга чалинди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев коронавирусга чалинган ва айни пайтда даволанмоқда. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги залида 30 июль куни бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари маълум қилдилар.

Ўктам Барноев ҳозирги лавозимига келгунига қадар Бухоро вилояти ҳокими вазифасида ишлаган.

Брифингда Бухоро вилоятининг амалдаги ҳокими Карим Камолов ҳам коронавирус юқтириб олгани ва ҳозирда Тошкент шаҳрида даволанаётгани билдирилган. Унинг Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов билан биргаликда муолажа олаётгани қайд этилган.

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Анвар Алимовга кўра, Қорақалпоғистон парламенти раиси Муса Ерниязовнинг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда.

“У респиратор муолажалар олмоқда, ўпкани сунъий шамоллатиш тартибида даволанмоқда”, деган А. Алимов пайшанба куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда.