Мирзиёев ўзбекистонликларни Қурбон ҳайити билан табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ватандош мусулмонларни 31 июлга белгиланган Қурбон ҳайити муносабати билан муборакбод этди.

Бутун ислом олами қаторида дину диёнатли, эътиқоди мустаҳкам халқимиз катта интиқлик билан кутиб олаётган муборак Қурбон ҳайити билан сиз азизларни, юртимиздаги барча мусулмон умматини чин қалбимдан самимий табриклайман”, дейилади президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган Ш.Мирзиёев қутловида.

Ўз табригида президент дунё давлатлари қатори Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаган оғир синов – коронавирус пандемияси шароитида мамлакат аҳли Қурбон ҳайитининг жамият ҳаётидаги беқиёс ўрни ва улкан аҳамиятини янада чуқур ҳис этаётганини урғулаган.

Айниқса, бу қутлуғ байрамнинг моҳиятида мужассам бўлган эзгу ва савоб ишлар қилиб яшаш, ўзаро ёрдам, меҳр-саховат, сабру қаноат, шукроналик, тинчлик ва соғликни қадрлашдек улуғ фазилатлар бугун алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, айнан мана шундай муқаддас қадриятларимиз бугунги мураккаб вазиятда эл-юртимизга қўшимча куч-ғайрат, чидам ва бардош ато этмоқда, десак, тўғри бўлади”, деган Ш. Мирзиёев.

Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, минг афсуски, ўзбекистонликлар орасида ушбу касалликдан вафот этганлар ҳам бўлгани эслатган президент уларнинг оила аъзолари ва яқинларига чин қалбдан ҳамдардлик билдириб, барчаларига сабр-бардош тилаган, Яратгандан марҳумларнинг охиратлари обод бўлишини сўраган.

Албатта, пандемия туфайли оммавий тадбирларни, жумладан, Қурбон ҳайити билан боғлиқ маросимларни жамоат бўлиб адо этишда айрим чекловлар вужудга келганини мавжуд вазият тақозоси сифатида барчамиз яхши тушунамиз. Муқаддас Қуръони каримнинг бир неча ўринларида хайр-эҳсон, эзгуликнинг мукофоти фақат яхшилик экани алоҳида таъкидланган. Бу каби пурмаъно ҳикматлар бугунги синовли кунларда жамиятимизда меҳр-оқибат, саховат ва мурувват, ўзаро тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг тобора юксалиб боришида акс этмоқда”, дейилади президент табригида.