Навоий вилояти ҳокими Кобул Турсунов 2020 йилнинг 27 июлидан буён Тошкент шаҳрида даволанмоқда. Бу ҳақда маълум қилган Навоий вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ҳокимнинг қандай хасталикка чалинганини очиқламаган.
Маълумотларга кўра, К. Турсунов ўтган 4 кун давомида малакали тиббиёт мутахассислари томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган стандартлар асосида даволаш курсларини ўтамоқда.
“Навоий вилояти ҳокими тўлиқ даволаниб, яқин кунларда иш фаолиятини давом эттиради”, дейилади хабарномада.
Аввалроқ Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов ҳам Тошкентда коронавирусдан даволанаётгани ҳақида хабар қилган эдик.
Шунингдек, 30 июль куни АОКА залида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев ва Қорақалпоғистон парламенти раиси Муса Ерниязов муолажа олаётгани айтилган. Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Анвар Алимовга кўра, М. Ерниязовнинг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда.