Қорақалпоғистон парламенти раиси Муса Ерниязов вафот этди

Муса Ерниязов

Нукусда таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари Ерниязов Муса Тажетдинович 73 ёшида вафот этди.

Бу ҳақда 31 июль куни ЎзА ахборот агентлиги хабар қилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов коронавирусга чалингани тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб Озодлик 19 июлда хабар қилган эди.

Ўшанда бу икки мулозимнинг аҳволини Ўзбекистонга борган германиялик мутахассислар таҳлил қилган ва ҳолатини барқарор, деб топган.

Маълумотга кўра, Муса Ерниязов Нукус, Тўра Боболов эса Тошкентда даволанаётган эди.

27 июлда маҳаллий нашрлар Жўқорғи Кенгес раиси Муса Ерниязовнинг ўлими ҳақида хабар эълон қилгани учун Қорақалпоғистондаги учта ОАВ: Makan.uz, Kruz.uz ва Kar24.uz бош муҳаррирлари кечаси прокуратурага чақирилган. Makan.uz раҳбари Лолагул Қаллихановани уйидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олиб кетишган. Икки журналистнинг телефон ва ноутбуклари олиб қўйилган.

Gazeta.uz нашрининг 28 июлда хабар қилишича, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Қорақалпоғистон прокурорига тунда прокуратурага чақирилган ҳамда телефонлари ва ноутбуклари тортиб олинган журналистлар билан бўлган воқеа юзасидан танбеҳ берган.