"Straus House"дан кўрилган зарар миқдори очиқланди

"Straus House" туяқуш ширкати билан боғлиқ жиноят иши доирасида 298 нафар фуқаро жабрланувчи деб топилган ва улар кўрган жами зарар миқдори 6 617 444 500 (олти миллиард олти юз ўн етти миллион тўрт юз қирқ тўрт минг беш юз) сўмни ташкил этган.

Жиноят иши доирасида етказилган моддий зарарларни қоплаш учун ширкатнинг 1 миллиард сўмдан ортиқ мулки хатланган.

Бу ҳақдаги маълумотларни Кун.уз нашри ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига таяниб эълон қилди.

Ўтган ҳафта Тошкентдаги суд Straus House МЧЖ таъсисчиси Иброҳим Исроиловни 9 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Жиноят иши доирасида ширкатнинг яна уч ходими 5 йилдан 8 йилгача муддатларга қамалди.

"Straus House" ширкатига туяқуш олиш учун миллионлаб миқдорда пул тўлаб, жўжаларни ҳам, пулини ҳам ололмаётган фуқаролар пулини ундириб беришни талаб қилиб чиқишганди.