Коронавирусдан яна 6 киши вафот этди. Беморлардан 215 нафари ўта оғир аҳволда

2 август куни жами 1 208 нафар бемор соғайди.

Ўзбекистонда 2 август куни коронавирусга чалинган 6 киши вафот этди. Уларнинг 5 нафари Тошкентда, 1 нафари Андижонда даволанган бемордир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу билан коронавирусдан вафот этганлар сони расман 153 кишига етди. Бироқ норасмий манбалар, асл рақамлар бундан баландлигини қайд этмоқда. Жумладан, “Дарё” нашри 2 август куни ўз ҳисобича, коронавирусдан вафот этганлар сони камида 161 нафарга етганини хабар қилди.

Вазирликнинг маълум қилишича, 2 август 23:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 770 ҳолатда касаллик қайд этилган. Шундан 99 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 671 нафари коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

"2 август куни жами 1 208 нафар бемор соғайди. Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 25 553 нафар бемордан 16 507 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 64 фоизни ташкил этмоқда",- деб билдирди вазирлик.

Расмий хабарда айтилишича, айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 8 893 нафар бемордан 564 нафари оғир, 215 нафари эса ўта оғир аҳволда. Ҳозирда уй карантинида 72 700 нафар, стационар карантинда эса 20 536 нафар киши тиббий кузатувда бўлиб турибди.