Ўзбекистонда туғилиб, Қирғизистонда танилган артист Маҳмуджон Рахматов вафот этди

Маҳмуджон Рахматов Ўш Ўзбек Академик театрида 51 йил ишлаган эди.

Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Маҳмуджон Рахматов 2 август куни Ўш шаҳрида юрак ҳуружидан вафот этди.

“Маҳмуджон Рахматовнинг вафоти ортидан қирғиз санъати оғир жудоликка учради”, - дейилади Маданият вазирлигининг таъзияномасида.

69 ёшли Маҳмуджон Рахматов Қирғизистонда ўзбек театрининг ривожланишига катта ҳисса қўшган санъаткорлардан бири эди.

Ўзбекистоннинг Андижон вилояти Хўжаобод туманида туғилиб ўсган Маҳмуджон Рахматов ўсмирлик йилларида СССР халқ артисти Шуҳрат Аббосовга шогирд тушиб, ундан актёрлик сирларини ўрганган.

У 1969 йилда, яъни 18 ёшида Бобур номидаги Ўш Ўзбек Академик театрида актёр сифатида иш бошлаганди.

51 йил давомида Ўш Ўзбек Академик театрида ишлаб келган Маҳмуджон Рахматов саҳнада 130дан ортиқ ролларни ижро этди. Ўттиздан ортиқ кинофильм ва видеофильмда суратга тушди.