Андижонда қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институт ташкил этилади

Андижондаги Бобур майдони.

Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали негизида Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ташкил этилади. Бу ҳақда, “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, Ўзбекистон президентининг 30 июль куни имзоланган “Аграр таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилган.

Қарор билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфига ўтказилган қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежлари негизида олий мактаблар ўрнига агротехнологиялар техникумлари ташкил этиш кўзда тутилган.

Қарорга мувофиқ, Тошкент давлат аграр университетида бакалавриат йўналишларининг сиртқи таълим шакли бўйича масофавий таълим олиш тизимини босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Қарорда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб қуйидагилар жорий этилиши қайд этилган:

  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ОТМларга соҳада 5 йиллик стажга эга бўлган ходимларни тавсиянома асосида ўқишга тавсия этилганда ўқиш муддатини сиртқи таълим шаклида 4 йил этиб белгилаш ҳамда тўлов-контракт миқдорини кундузги таълим йўналишидаги тўлов-контракт (стипендиясиз) миқдорига тенглаштириш;
  • хорижий фуқаролар учун тўлов-контракт миқдорини, истисно тариқасида, икки баробарга камайтириш;
  • бакалавриат йўналишида касбий таълим бўйича кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш.

Ҳужжатга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги “Агроинновация” ДУК ва Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги “Ғўза уруғчилиги маркази” негизида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази ҳам ташкил этилган.