Россия, Қозоғистон, Туркия ва БАА Қирғизистон билан авиаалоқани тиклашга розилик бергани йўқ

Бишкек яқинидаги "Манас" халқаро аэропорти (архив сурати).

Қирғизистоннинг хорижий ўлкалар билан мунтазам авиаалоқаси август ойи охиригача тикланмаслиги мумкин. Ҳозирча чартер рейслар амалга ошириб турилади ва уларнинг сони ошади. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига Фуқаровий авиация агентлиги директори Қурманбек Акишев маълум қилган.

Унинг айтишича, Россия ҳозирча мунтазам рейсларни тиклашга рози бўлмаган, бироқ чартер рейслар сонини кўпайтиришга тайёр. Туркия билан ҳам чартер рейслар сони икки баравар ошади, уларни Turkish Airlines, Pegasus ва Avia Traffic авиаширкатлари амалга оширади. Бирлашган Араб Амирликларидан ҳафтасига икки марта Air Arabia ва Fly Dubai учоқлари билан чартер рейслар амалга оширилади. Қозоғистон чартер рейсларини зарурат туғилишига қараб амалга оширмоқчи.

Акишев бу тартиб август ойи охиригача сақланиб қолишини тахмин қилмоқда. Аввалроқ у Қирғизистон 1 августдан юқорида номлари зикр этилган тўрт мамлакат билан авиаалоқани тиклашни режалаётгани ҳақида билдирганди.

Қирғизистон халқаро йўналишдаги авиаалоқани коронавирус пандемияси қабатида март ойидан тўхтатган. Республика жами 9 та мамлакат билан бевосита авиақатновларни амалга ошириб келган.