Трампнинг 2019 йилдаги даромади қарийб ярим миллиард долларни ташкил этди

Дональд Трамп.

Дональд Трамп ўзининг солиқ декларациясини эълон қилди. Унга мувофиқ, 2019 йилда АҚШ президенти камида 446 миллион доллар даромад топган. Ҳужжат АҚШ ҳукумати қошидаги Этика масалалари бюроси сайтида ёйинланган.

Трамп даромадларининг асосий манбаи ўтган йили унинг Мар-а-Лагодаги (Флорида штати) қароргоҳи, Майамидаги оромгоҳи ва Вашингтондаги Trump International меҳмонхонаси бўлган. Оқ уй раҳбари АҚШ киноактерлари гильдияси ҳамда ўзининг “Битим тузиш санъати” китоби сотилишидан ҳам даромад олади.

Июль ойи бошида АҚШ Олий суди Трампнинг тўққиз йиллик солиқ декларациясини Нью-Йоркдаги прокурорларга топшириш ҳақида қарор чиқарган. Оқ уй раҳбарининг даромадларига оид маълумотлар Конгрессга йўлланмайди.

Бундан ташқари, Конгресснинг уч қўмитаси Трампга қарши даъво аризаси берган. Улар президентдан молиявий маълумотларни очиқлашни талаб қилишган. Бироқ Олий суд қонун чиқарувчиларнинг бу талабини рад қилиб, қарор қабул қилиш ҳуқуқини қуйи инстанция судларига тақдим этган. Бу АҚШда шу йил ноябрида бўлиб ўтадиган президент сайловигача Конгресс Трампнинг декларацияси билан таниша олмаслигини англатади.

2015 йил июнида президентликка номзоди кўрсатилишидан аввал Трамп ўз бойлиги қарийб 8 миллиард 800 миллион долларни ташкил этишини билдирган. Бироқ Forbes журнали ўша пайтда Трампнинг сарвати бундан икки баравар кам эканини қайд этган.

2020 йил апрелида Forbes нашри президентнинг бойлигини 2 миллиард 1 миллион доллар, дея баҳолаган, бу эса 2019 йил октябрига қиёсан бир миллиард долларга камдир.