Афғонистон қамоқхонасига қилинган ҳужумда камида 39 одам ҳалок бўлди

Аввалроқ ҳужум пайтида 24 киши яралангани хабар қилинган эди.

Афғонистон ҳукумати “Ислом давлати” гуруҳининг Нангарҳор вилояти маркази Жалолобод шаҳридаги қамоқхонага қилган ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сонини эълон қилди.

Расман билдирилишича, ҳужум оқибатида камида 39 киши ҳалок бўлган. Бундан ташқари хавфсизлик кучлари 10 жангарини ўлдирган.

“Ислом давлати” жангарилари 2 августда Жалолобод шаҳридаги қамоқхона эшиги олдида бомба ўрнатилган автомашинани портлатган ва хавфсизлик кучлари билан отишмага киришган. Жангарилар қамоқхонага ҳужумни яқин атрофдаги бозордан уюштирган. Хабарларда билдирилишича, жангарилар билан отишма 3 августда ҳам давом этган.

Ўшанда ҳужум оқибатида тинч аҳолидан камида уч киши ҳалок бўлгани ва 24 киши яралангани хабар қилинганди.

Расмийларга кўра, ҳужум пайтида қамоқхонадан 50дан 100 нафаргача маҳбус қочиб кетган. Улардан кўпчилиги ҳозирги вақтда қўлга олинди. Қамоқхонада Толибоннинг 1700 собиқ жангариси ва “Ислом давлати” гукруҳи аъзолари сақланган.

“Ислом давлати” ўзига қарашли Amaq ахборот агентлиги орқали тарқатган баёнотида ҳужум учун масъулиятни зиммасига олди.

1 август куни Афғонистон разведка хизмати Афғонистон махсус кучлари Жалолободда “Исломий давлат” жангари гуруҳининг юқори лавозимли разведка етакчиси Ассадуллаҳ Оракзай ўлдирилганини маълум қилган эди.