Би-би-си: Эрон ҳукумати коронавирусдан ўлганлар сонини озайтириб кўрсатган

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19дан расман 14 405 киши ўлганини эълон қилган.

Эрон ҳукумати коронавирусдан ўлганлар сонини бир неча маротабага камайтириб кўрсатган. Бу ҳақда Би-би-си ўз манбалари томонидан қўлга киритилган Эрон ҳукуматининг махфий ҳужжатларига таянган ҳолда хабар берди.

Махфий ҳужжатларда қайд этилишича, 20 июлгача бўлган ҳолатга кўра, Эронда коронавирусдан ўлганлар сони камида 42 минг кишини ташкил қилади. Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса COVID-19дан расман 14 405 киши ўлганини эълон қилган.

Би-би-сининг 3 августда хабар беришича, манбалар қўлга киритган ва радиога тақдим этган махфий ҳужжатларда коронавирус ташхиси билан касалхонага ётқизилганларнинг исмлари, ёши, жинси, касалхонага ётқизилган ва даволанган вақти, касаллик симптомлари қайд этилган.

Эрон пандемиядан энг кўп жабрланган давлатлардан бири ҳисобланади. Лекин Теҳрон бу борада эълон қилган маълумотлар сўнгги пайтларда мутахассисларнинг шубҳаланишига сабаб бўлганди.