Қозоғистонда ҳуқуқ фаоли Асия Тулесовага нисбатан суд жараёни бошланди

Асия Тулесова уч йилга қамалиши мумкин.

Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари фаоли Асия Тулесовага нисбатан суд жараёни бошланди.

Олмаота судида 3 август куни бошланган жараён коронавирус туфайли видеоалоқа тарзида ўтказилмоқда.

36 ёшли Тулесова 6 июнда ўтган норозилик намойишида қатнашганидан икки кун ўтиб ҳибсга олинган эди. Тулесова полиция ходимига нисбатан куч ишлатганликда айбланмоқда.

Ҳуқуқ фаоли намойиш пайтида ўзини қўлга олмоқчи бўлган ва куч ишлатишга ҳаракат қилган полиция ходимининг бош кийимини уриб туширган эди.

Мазкур айблов ортидан Асия Тулесова уч йилга қамалиши мумкин.