Зангиотада коронавирусга чалинган яна икки бемор вафот этди

Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони расман 161 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 4 августда билдиришича, Тошкент шаҳри Миробод туманида яшаган 80 ёшли бемор О.А.,ва Сирдарё вилояти Сирдарё туманида яшаган 41 ёшли бемор Ф.Т., Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида вафот этди.

Ҳар иккала беморга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони расман 161 нафарга етди. Бироқ мустақил манбалар ўлим ҳолатлари расмий статистикада кўрсатилган рақамлардан анча юқори эканини айтиб келаётган эдилар.

3 август куни АОКАда ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов Ўзбекистонда коронавирусдан ўлаётганлар сони расмий статистикада кўрсатилганидан анча кўпроқ экани ҳақида гапирган эди. Унга кўра, бунга коронавирусдан ўлганлар рўйхатига пневмониядан ўлганлар киритилмаётгани сабаб бўлмоқда.