Байрутдаги бандаргоҳда катта портлаш содир бўлди

Байрутдаги бандаргоҳда портлаш содир бўлган пайт.

Ливаннинг NNA давлат ахборот агентлиги ва хавфсизлик идораларидаги икки манба Байрутдаги бандаргоҳда портловчи моддалар сақланган омборхоналар портлагани ҳақида маълум қилишди. Портлаш сабаби ҳозирча аниқ эмас. Бандаргоҳда айнан қандай портловчи моддалар сақлагани тўғрисида ҳам маълумот йўқ.

Шаҳар ҳудудига ёндош бандаргоҳда кўплаб биноларга шикаст етган, кўчаларда иншоот бўлакларини, ағдарилган автомобилларни, ойна синиқларини кўриш мумкин. Шаҳарда йўл ҳаракати фалажланган, телефон алоқаси узилган.

СNNнинг Байрутдаги мухбири, ҳарбий тўқнашувларни ёритиш бўйича кўп йиллик тажрибаси борлигига қарамай, авваллари ҳеч қачон бунақа катта портлашни кўрмагани ва эшитмаганини хабар қилган.

Бандаргоҳдан бир неча километр наригача биноларнинг ойналари синиб тушган. Байрут турғунлари гувоҳлигига кўра, портлаш худди зилзиладай ҳис этилган.

Ливан пойтахти бўлган Байрут шаҳри яриморолда жойлашган бўлиб, у ердан мамлакатнинг Ўртаер денгизига чиқадиган энг йирик ва асосий бандаргоҳи ўрин олган.

Шаҳарда 2 миллионгача одам яшаши тахмин қилинади. Сўнгги 90 йил ичида бу ерда аҳоли рўйхатга олинган эмас.