Навоий вилоятида Алишер Навоий ҳайкали ва шоирга нисбатан таҳқирловчи масхараомуз гапларни гапирган ҳамда бу видеони ижтимоий тармоқларга тарқатган икки киши 5 суткага қамалди.
Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, Навоийда яшовчи 20 ёшли икки йигит янги оёқ кийим сотиб олиб Алишер Навоий ҳайкали олдида рақсга тушган. Шундан сўнг улардан бири “Навоий ҳайкалига юзланиб “Маска қани, бобой” дея ҳайкалга ҳурматсизлик қилади. Унинг “раққос” шериги эса бу гапга мириқиб кулади”.
Видео ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Навоий шаҳар маъмурий судида ўтган жараёнда видео муаллифлари С.С., ва Ж.Я., тасвир 25 март куни суратга олинганини айтишиб, ўз қилмишларидан афсусда эканликларини таъкидлашган.
“Суднинг қарорига кўра, уларга Маъмурий жавобгарлик кодексининг 54-моддаси 1-қисмига (Карантинли шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш) асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробарида жарима жазоси ҳамда 183-моддага (Майда безорилик) асосан 5 сутка миқдорида маъмурий қамоқ жазоси тайинланди”,- дейилади хабарда.