Коронавирусдан яна икки бемор вафот этди. Ўлганлар сони 173 кишига етди

Айни пайтда коронавирус юққан 18 783 нафар бемор соғайди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 6 август соат 10:00 ҳолатига кўра, 28 069 нафарни ташкил этмоқда. Бу 5 август соат 23:30даги ҳолатдан 276 кишига кўпдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, янги касалланиш ҳолатларининг 147 нафари Тошкент шаҳрида, 129 нафари Тошкент вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Шу билан бирга, Мирзо Улуғбек туманида яшаган 48 ёшли К.Н., (эркак) ҳамда Юнусобод туманида яшаган 62 ёшли М.М., (аёл) коронавирусдан вафот этди.

Айни пайтда коронавирус юққан 18 783 нафар бемор соғайди ва соғайиш кўрсаткичи 67 фоизни ташкил қилди.

Ҳозирда касалхоналарда 9 113 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 799 нафари оғир, 228 нафари эса ўта оғир аҳволда.