Хорижий автотранспорт ҳайдовчиларидан жарима ундириш бўйича янги тартиб жорий этилди

Ўзбекистон ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ёки бошқа шахслардан жарима ундиришнинг янги тартиби жорий этилади. Бу ҳақда, ЎзА хабарига кўра, мамлакат ҳукумати томонидан жорий йил 5 августида қабул қилинган қарорда айтилган.

Ушбу жарималар бундан буён хорижий автотранспорт воситалари Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилаётганда божхона органлари томонидан ундирилади. Бунда ички ишлар органлари “онлайн” режимда тақдим этган маълумотлар асос бўлади.

Янги тартиб Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг, шунингдек, уларга тенглаштирилган ташкилотларнинг автотранспорт воситаларига ҳамда Ўзбекистон ҳудудига вақтинча кирган ёки транзит ҳаракатланишда бўлган хорижий расмий делегациялар автотранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан жарималарни ундириш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланган.