ОТМга кириш учун тест синовлари стадионларда ўтказилади

Тошкентдаги "Бунёдкор" стадиони (архив сурати).

Ўзбекистонда ёпиқ бинолар эпидемиологик талабга жавоб бермаслигини, ижтимоий масофага риоя қилинган тақдирда имтиҳонлар вақти анчага чўзилиб кетишини инобатга олиб, тест синовларини Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларидаги стадионларда ташкил этишга топшириқ берилди. Бунда имтиҳонлар кунига 2 марта (ҳаво салқин пайтда) ўтказилса, барчасини тахминан 12-14 кунда якунлаш мумкин. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим муассасаларига қабулни ташкил қилиш ва 2020/2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалаcи юзасидан ўтказилган йиғилишда айтилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда мутасадди вазирлик ва идораларга стадионларни тест синовларига пухта тайёрлаш, уларнинг дислокацияси бўйича абитуриентларни тўлиқ хабардор қилиш юзасидан кўрсатмалар берилган.

Ш. Мирзиёев имтиҳонлар санасини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиология хизматининг эпидемиологик вазият борасидаги хулосасидан келиб чиққан ҳолда белгилаш, аҳоли саломатлигига хавфсизлигини таъминлаш лозимлигини таъкидлаган.

Қайд этилишича, тест синовларини шаффоф ҳолда ўтказиш учун, ёшларни ортиқча сарсон қилмаслик мақсадида Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси, ҳокимликлар, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати томонидан зарур чоралар кўрилади.

Бу йил Ўзбекистондаги 91 та ОТМга бакалавриат йўналиши бўйича 1 миллион 484 минг 85 нафар абитуриент ҳужжат топширгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

2020/2021 ўқув йили учун мамлакатдаги олий таълим муассасаларига бакалавриат босқичига 162 364 та, магистратурага эса 10 425 та ўрин ажратилган.