Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланган ўзбекларни уйларига қайтариш жараёни бошланди

Бузулукдаги чодир шаҳарчада яшаётган ўзбекистонликлар.

Россия-Қозоғистон чегарасидан ўтолмай Оренбург ва Самара вилоятларида тўпланиб қолган ўзбекистонликларни ватанига қайтариш жараёни бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, 7 августга ўтар кечаси Тошкен – Бузулук – Тошкент йўналишидаги поезд 918 нафар йўловчи билан Ўзбекистон томон йўлга чиқди.

7 август куни Тошкент – Кинел – Тошкент йўналишидаги поезд ҳам 918 йўловчини Ўзбекистонга олиб келади.

“Ушбу рейс чипталари фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Бузулук ва Кинел вокзалларида сотилди. Бузулук - Тошкент йўналишидаги чипталар нархи 1 287 000 сўм (9. 259 рубл), Кинел - Тошкент – 1 357 000 сўм (9. 761 рубл)ни ташкил топди. Йўл давомида йўловчи поездлар фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни станция-вокзалларда йўловчиларнинг платформага тушишига рухсат этилмайди",-дейилади билдирувда.

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинади.

Ушбу рейсларда олиб келинган йўловчилар поездлардан тушиши биланоқ Наманган ва Тошкент вилоятларининг карантин зоналарига юборилади. Транспорт вазирлиги бу ҳолатни инобатга олган ҳолда йўловчиларнинг қариндош ва яқинлари уларни кутиб олиш мақсадида вокзалга келмасликларини илтимос қилган.

Россия ва Марказий Осиё давлатлари коронавирус пандемияси туфайли киритган карантин чекловлари ва чегараларнинг ёпилиши ортидан май ойидан буëн Самара ва Оренбург вилоятида минглаб ўзбекистонликлар чегарадан ўтолмай қолиб кетган эди. Кейинроқ уларнинг бир қисми Қозоғистон билан келишилган ҳолда чегарадан ўтказилиб, Ўзбекистонга олиб келинганди.