Сенат ялпи мажлисида “Таълим тўғрисида”ги қонун маъқулланди

Сенат мажлислар зали (архив сурати).

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 7 август куни видеоконференцалоқа тарзида бошланган олтинчи ялпи мажлисида “Таълим тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинган. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада “Таълим тўғрисида”ги қонун 1997 йилда қабул қилингани ва таълим сифатини таъминлашга қўйилаётган бугунги талабларга жавоб бермай қўйгани урғуланган.

Қонуннинг янги таҳрири билан таълим муассасаси ходимлари, таълим олувчилар ва ота-оналарнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, таълим жараёни қатнашчиларининг ижтимоий ҳимояси, таълим жараёнида меҳнат қилаётган минглаб мутахассисларнинг, миллионлаб ота-оналарнинг ҳуқуқий мақомига, уларнинг ижтимоий муҳофазасига доир жиҳатларга, айни вақтда мажбуриятларига ойдинлик киритилаётгани айтилган.

Қайд этилишича, қонун эндиликда таълимнинг нодавлат шаклини ривожлантиришга, жамиятда интелектуал мулк салоҳиятидан самарали фойдаланиш, илм-маърифатга доир иш жойлари кенгайишига имкон беради.

Мажлисда сенаторлар янги таҳрирдаги қонун кўплаб ўзбекистонликларнинг олий таълим, хорижда олинган таълим бўйича дипломларни тан олиш, таълим олувчилар учун вақтинча яшаш жойларини кафолатлаш, масофавий таълим, оилавий таълим, инклюзив таълим сингари ўз саволларига ечим топишга қийналаётган масалаларга ҳуқуқий ойдинлик киритилгани билан аҳамиятли бўлишини таъкидлаганлар ва мазкур қонунни маъқуллаганлар.