Twitter амалдорлар ва давлат оммавий ахборот воситалари аккаунтларига белги қўя бошлади

Twitter ижтимоий тармоғи логоси.

Twitter корпорацияси 6 август куни давлат идоралари, юқори лавозимли амалдорлар, давлат ОАВ ва давлат билан боғлиқ нашрлар, уларнинг бош муҳаррирлари ва асосий вакилларининг ижтимоий тармоқдаги аккаунтларига белги қўйиб бориши ҳақида эълон қилди.

Корпорация хабарномасида айтилишича, бу иш Twitter фойдаланувчилари ва давлат вакиллари ўртасидаги мулоқотни осонлаштириш ҳамда кўпроқ шаффофлик бўлиши учун қилинган.

Ҳозирда БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари бўлган беш мамлакат, шу жумладан Россияга алоқадор аккаунтларгагина белги қўйилмоқда.

Давлат раҳбарларининг шахсий аккаунтларига (шу жумладан АҚШ президенти Дональд Трамп аккаунтига) белги қўйилмаган, бироқ, масалан, Оқ уй ёки Британия бош вазири расмий аккаунтларида бундай белгилар бор.

Давлат ёки давлат билан боғлиқ оммавий ахборот воситалари ўлароқ давлат бевосита редакцион назоратни амалга оширадиган оммавий ахборот воситалари ҳисобланади. Агар ОАВ таҳририятлари, улар ҳатто давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган бўлсалар ҳам, мустақил равишда фаолият кўрсатаётган бўлсалар, уларга бунақа белги қўйилмайди. Бу каби белгилар, хусусан, Россиянинг RT телеканали, унинг бош муҳаррири Маргарита Симоньян, “РИА Новости” агентлиги, ТАСС агентлиги, Хитойнинг Синьхуа агентлиги ҳамда инглиз тилидаги “Жэньминь жибао” аккаунтларига қўйилган.

Аввалроқ шу каби сиёсатни Facebook корпорацияси жорий қилганди.