“Аэрофлот” Ўзбекистонга мунтазам парвозларни тикламай туришга қарор қилди

"Аэрофлот" авиаширкати учоғи.

Россиянинг “Аэрофлот” авиаширкати халқаро йўналишлар бўйича мунтазам қатновларнинг бир қисмини 31 августгача бекор қилишга мажбур эканини эълон қилди. Парвоз бекор қилинган йўналишлар орасида Ўзбекистон шаҳарлари ҳам бор.

Авиаширкат матбуот хизмати маълумотига кўра, Европа, Осиё ва Америка қитъаларидаги қарийб 90 шаҳарга рейсларни бекор қилишга оид қарор парвоз қилинажак мамлакатлардаги эпидемиологик чекловларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган.

Жумладан, шу йил 31 августигача Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги Атирау, Ақтау, Ақтўбе, Бишкек, Бухоро, Нур-Султон, Олмаота, Тошкент, Чимкент, Ўш, Қарағанда, Қизилўрда ва Қўстанай шаҳарларига рейслар амалга оширилмайди.

Сотиб олинган чипталарни ваучерга алмаштириш ёки пулни қайтиб олиш мумкинлиги айтилмоқда.

Россия 1 августдан Буюк Британия, Туркия ва Танзания билан авиаалоқани тиклагани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.