Олий таълим муассасаларига 2020/2021 ўқув йили учун тест синовлари жорий йил 2 сентябридан бошланади. Бу ҳақда 7 август куни АОКА залида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов маълум қилган.
Мулозимга кўра, тест синовлари 14 кун мобайнида топширилади.
Аввалроқ Озодлик 6 август куни президент раислигида ўтказилган мажлисда имтиҳонлар Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги стадионларда ташкил этилиши билдирилгани ҳақида хабар қилганди.
АОКА залида бўлиб ўтган бугунги брифингда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев тест синовлари учун 155 стадиондан 40 га яқин стадион жалб этилиши режалаштирилганини билдирган.
Анжуманда коронавирус аниқланган абитуриентлар бу йилги тест синовларига қўйилмаслиги ҳам қайд этилган.
Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабовга кўра, коронавирусга чалингани туфайли тест имтиҳонларида иштирок эта олмаган абитуриентларнинг имтиҳон учун тўлаган пулларини қайтариш чоралари кўрилмоқда.