Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни белгиланган даволаш-профилактика муассасаларидан бошқа жойларда инъекцион ва инфузион дори воситаларидан фойдаланган ҳолда даволаш ва шифокор буюрган муолажаларни амалга ошириш тақиқланди.
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг шу йилнинг 6 август куни қабул қилинган “Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш мезонларини тартибга солиш ва ретро-проспектив таҳлил ўтказиш тўғрисида”ги буйруғида батафсил баён қилинган, дея маълум қилди вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
ССВ буйруғига кўра, коронавирус билан касалланган беморларни даволаш учун мослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларидан ташқарида беморларни даволамаслик ва белгиланган муолажаларни олиб бормаслик тўғрисида Ўзбекистондаги барча тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларидан кафолат хатлари олинади. Вазирликнинг тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бошқармаси мазкур тартибга амал қилинишини назоратга олади.
Нодавлат тиббиёт ташкилотлари раҳбарларига ҳам ушбу қоидага амал қилиш тавсия этилган.
“Мазкур тартибга риоя қилмаган ходимлар Соғлиқни сақлаш вазирининг шу йилнинг 5 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруғига ва “COVID-19” билан касалланган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмалар”нинг 6-нашрида белгиланган тартиб ва тавсияларга зид ҳаракат қилган деб топилиб, жавобгарликка тортилиши қатъий белгилаб қўйилди”, дейилади ССВ хабарномасида.
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 7 август соат 17:00 ҳолатига кўра, 29057 нафарни ташкил этган. Беморлардан 20059 нафари соғайиб кетган, 8817 нафар бемор даволанишда давом этмоқда. Қурбонлар сони эса 177 нафарга етган.