Форс кўрфази давлатлари Эронга қурол сотишга қўйилган эмбарго муддати узайтирилишини қўлламоқда

Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик ташкилоти йиғилиши.

Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик ташкилоти БМТнинг Эронга қурол сотилишига қўйилган эмбарго муддати узайтирилишини қўллаб-қувватлайди. Ташкилот бу борадаги расмий мактубни 9 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тақдим қилди.

Мактуб Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган Баҳрайн, Қувайт, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари вакиллари томонидан имзоланган.

Мактубда айтилишича: “Эрон 2015 йилда жаҳоннинг етакчи давлатлари билан ядровий шартномани имзолаганига қарамай, ҳанузгача қўшни давлатларга қурол билан таҳдид қилишни тўхтатмаган ва ҳужумларни тўхтатиш ниятида ҳам бўлмаган. Қуролли ҳужумлар тўғридан-тўғри ёки Эрон томонидан қуроллантирилган ва ўқитилган ташкилотлар томонидан амалга оширилган”.

Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик ташкилоти “минтақадаги террорчи ва диний ташкилотларга қурол етказиб бериш фикридан воз кечмагунича” Эронга қурол сотиш бўйича эмбарго сақланиб қолиниши шарт, деб ҳисоблайди.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Аббос Мусавий ташкилотнинг бу мактубини “масъулиятсиз ва АҚШ манфаатларини кўзлаб ташланган қадам” сифатида баҳолади.

Жорий ҳафтада АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашига Эронга қурол сотишга қўйилган эмбарго муддатини узайтириш таклифини киритиши кутилмоқда.