Халқаро донорлар портлаш оқибатини бартараф этиш учун Ливанга кўмак кўрсатади

Франция президенти 6 августда Байрутга борди.

Халқаро донорлар Ливанга молиявий кўмак кўрсатиш масаласида келишиб олди. БМТнинг ҳисоб-китобича, Байрутда 4 август куни юз берган икки портлаш оқибатларини бартараф этиш учун Ливанга камида 117 миллион доллар миқдорида тезкор ёрдам керак бўлади.

9 август куни Франция президенти Эммануэль Макрон ва БМТ ташаббуси билан ўтказилган донорлар видеоконференциясида ўнлаб мамлакатлар Ливанга ёрдам кўрсатишга ҳозир эканликларини билдирдилар. Бироқ кўрсатиладиган ёрдам миқдорини давлатлар очиқламадилар.

Эммануэль Макрон офиси эълон қилган баёнотда эса, донорлар 298 миллион доллар миқдорида кўмак кўрсатиши мумкинлиги қайд этилди.

Макроннинг айтишича, Ливанда коррупция авж олгани туфайли донорлардан олинадиган ёрдам ҳукумат иштирокисиз ливанликларга тўғридан-тўғри ва шаффоф тарзда етказиб берилади.

Байрут бандаргоҳида 4 август куни юз берган портлашлар оқибатида камида 160 киши ҳалок бўлган, 5 минг киши яраланган ва 300 мингдан ортиқ киши уйсиз қолган эди.

Портлаш оқибатида келтирилган зиён 15 миллиард доллар экани айтилмоқда.

Ливан расмийлари ҳодисага бандаргоҳ омборхонасида сақланган қарийб уч минг тонна аммиак селитраси сабаб бўлганини билдирганлар.

Мазкур модда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, портловчи моддалар ҳамда ракета ёқилғисини ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Тергов версиясига кўра, селитра омборхонада олти йил мобайнида хавфсиз бўлмаган шароитда сақланган, бу бепарволик охир-оқибат фожиага сабаб бўлган.