Беларусда Лукашенко яна президентликка сайлангани расман эълон қилинди

Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Беларус Марказий сайлов комиссияси раиси Лидия Ермошина 9 августда ўтган президент сайловида амалдаги президент Александр Лукашенко сайловчиларнинг 80 фоиз овозини олиб, ғолиб бўлганини эълон қилди.

Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская эса расман 10 фоиз овоз олган.

Марказий сайлов комиссияси 10 августда эълон қилган дастлабки маълумотларга қараганда, сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганларнинг 84 фоизи иштирок этган. Уларнинг 6 фоизи барча номзодларга қарши овоз берган.

Лидия Ермошина матбуот анжуманида эълон қилинган дастлабки натижалар кўрсаткичи кун давомида ўзгариши эҳтимоли йўқлигини билдирди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Полиция томонидан намойишчиларга нисбатан куч ишлатиш ва уларни ҳибсга олиш ҳолатлари кузатилди. Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская расмий экзит-пол натижаларини тан олишдан бош тортди.

Ҳукуматга қарашли “Белта” ахборот агентлиги 10 август куни эрталаб полиция “рухсат берилмаган оммавий намойишлар” устидан вазиятни ўз назоратига олгани ҳақида хабар берди.