Ростов-Дондан ҳам ўзбекистонликлар ватанига олиб келинмоқда

Самара ва Оренбург вилоятида минглаб ўзбекистонликлар чегарадан ўтолмай қолиб кетган эди.

Ростов-Дон шаҳридан 10 августда 918 нафар ўзбекистонлик поездда Ўзбекистонга қараб йўлга чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Республика махсус комиссияси томонидан Россиянинг Шимолий Кавказ ва Жанубий федерал округидаги ўзбекистонликларни олиб келиш учун “Тошкент – Ростов-Дон – Тошкент” темир йўл рейси ташкиллаштирилган.

“Ҳозирда Республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон фуқароларини ватанимизга тезроқ қайтариш учун Россиянинг турли ҳудудларидан рейсларни кўпайтириш, рейслар, жумладан, темир йўл рейсларининг йўналиши ва турларини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда”, -дейилади расмий билдирувда.

Россиядан олиб келинган ўзбекистонликлар белгиланган тартибда карантин марказларига жойлаштирилади. 10 август куни “Самара—Бузулук—Тошкент—Поп” йўналиши бўйича Россиядан олиб келинган 918 нафар ўзбекистонлик 9 августда Поп темир йўл вокзалида кутиб олингани ва Попдаги карантин ҳудудига жойлаштирилгани хабар қилинганди.

7 августга ўтар кечаси Тошкен – Бузулук – Тошкент йўналишидаги поезд 918 нафар йўловчи билан Ўзбекистон томон йўлга чиққани хабар қилинган эди. 7 август куни Тошкент – Кинел – Тошкент йўналишидаги поезд ҳам 918 йўловчини Ўзбекистонга олиб келиниши билдирилган.

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинди.

Россия ва Марказий Осиё давлатлари коронавирус пандемияси туфайли киритган карантин чекловлари ва чегараларнинг ёпилиши ортидан май ойидан буëн Самара ва Оренбург вилоятида минглаб ўзбекистонликлар чегарадан ўтолмай қолиб кетган эди. Кейинроқ уларнинг бир қисми Қозоғистон билан келишилган ҳолда чегарадан ўтказилиб, Ўзбекистонга олиб келинганди.