Жаҳон банки Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун 500 миллион доллар ажратади

“Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасининг умумий қиймати 659 миллион 300 минг АҚШ долларига тенг.

Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш учун 500 миллион доллар миқдорида маблағ ажратади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 11 августда имзолаган “Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда қайд этилди.

Қарорда таъкидланишича, “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасининг умумий қиймати 659 миллион 300 минг АҚШ долларига тенг. Бу маблағнинг 159 миллион 300 минг доллари Ўзбекистоннинг улушидир.

Мазкур лойиҳа доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва “Даладан дастурхонгача” тамойили асосида маҳсулот етиштириш, экспортни рағбатлантириш, халқаро бозорларда рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш каби қатор ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.