Ўзбекистонда аҳолининг камида 4 миллиони қашшоқ экани расман тан олинди

Республика аҳолисининг 12-15 фоизи ёки 4-5 миллион киши камбағаллик даражасида кун кечирмоқда.

Ҳисоб-китобларга қараганда, Ўзбекистонда аҳолининг 12-15 фоизи ёки 4-5 миллион киши камбағаллик даражасида кун кечирмоқда. Бу ҳолат президентнинг “Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида эътироф этилди.

“Республика аҳолисининг 12-15 фоизи ёки 4-5 миллион киши камбағаллик даражасида кун кечирмоқда. Иқтисодий фаол аҳолининг 9,0 фоизи ёки 1,4 миллионга яқин киши ишга муҳтож, аёллар ва ёшлар ўртасида ушбу кўрсаткич мос равишда 12,5 ва 14,9 фоизни ташкил қилмоқда. Аксарият камбағал ва ишсиз фуқароларнинг касбий малака даражаси ҳозирги меҳнат бозори талабларига тўғри келмайди”, - дейилади қарорда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, қарорда камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ҳамда тадбиркорликка ўқитишга қаратилган умуммиллий тизим жорий этилиши назарда тутилган.

Бунинг учун Қоракалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган “Ишга марҳамат” мономарказлари ташкил этилади.

Бундан ташқари ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказлари фаолият юритади.

Тошкент шаҳрининг туманларида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги ўрта махсус таълим муассасаларида ишсиз ёшлар, хотин-қизлар ҳамда ўз малакасини оширмоқчи бўлган фуқаролар учун ташкил этиладиган қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари иш бошлайди.

Маҳалла гузарларида, маҳалла ҳудудларидаги ўқув муассасалар, корхона ва ташкилотлар, ташаббускор тадбиркорлик субъектлари биноларида, бошқа бўш турган жойларда ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарларга ўқитиш марказлари ҳузурида ташкил этилган маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилади.