Тожикистон пойтахтида Россия фуқаролари норозилик акциясини ўтказди

Элчихона олдига 50 нафардан кўпроқ норози йиғилган.

Россиянинг ўнлаб фуқаролари 12 август куни Душанбедаги рус элчихонаси олдида норозилик акциясини ўтказди. Улар Россия ҳукуматидан ўзларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишини талаб қилди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати маълум қилди.

Норозиларга кўра, улар коронавирус пандемияси туфайли чегаралар ва давлатлараро қатновлар тўхтатилгани сабабли бер неча ойдан бери Тожикистонни тарк этиша олмаяпти.

Хабарда айтилишича, элчихона олдига 50 нафардан кўпроқ норози йиғилган. Элчихона қўриқчилари уларни тарқатишга ҳаракат қилган. Бироқ норозилар дипломатлардан бири улар билан учрашишини талаб қилган. Шундан сўнг консулхона ходимларидан бири йиғилганлар билан учрашган.

Россия ва Тожикистон ўртасидаги авиақатновлар 27 мартда вақтинчалик тўхтатилган эди. Ўшандан бери Россиянинг бир неча юз фуқароси Тожикистонни тарк эта олмаяти.

Тожикистон фуқаролик авиацияси раҳбари Икром Субхонзода 27 июлда ўтган матбуот анжуманида Москва Душанбе билан авиақатновларни тиклашга рози бўлганини билдирган. Бироқ шу кунгача бу ваъда амалга ошмади.