Барча туман ва шаҳарларда кимё ва биология мактаблари ташкил этилади

Барча ҳудудларда жами 164 мактаб ташкил этилади.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида кимё ва биология мактаблари ташкил этилади. Бу ҳақда президент Мирзиёев имзолаган “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда қайд этилди.

Қарорга асоан республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 14 та таянч ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади. Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати ушбу мактаблар мақомига мослаштирилади.

Бундан ташқари республика туман ва шаҳарларида босқичма-босқич кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 150 та мактаб ташкил этилади.

Бу мактабларнинг барчаси кимё ва биология фанларини самарали ўқитишни мувофиқлаштириш учун олий таълим муассасаларининг 55 та кафедрасига бириктирилади.

Қарорда “ишлаб чиқариш тармоқлари учун ўрта бўғин кадрлар тайёрлаш тизимини самарали йўлга қўйиш юзасидан кимё ва биология йўналишларига тегишли мутахассисликлар бўйича ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган 47 та профессионал таълим муассасаларига ишлаб чиқариш корхоналарини бириктириш” ҳам назарда тутилган.