Ички ишлар вазири Ўзбекистонда маҳкумлар сони кескин озайганини билдирди

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов.

Ўзбекистон қамоқхоналарида бугунги кунда 22 минг 900 нафар маҳкум сақланмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

Вазирнинг айтишича: “Лондонда жойлашган Қамоқхоналарни тадқиқ қилиш халқаро маркази томонидан 2019 йилда эълон қилинган маълумотга кўра, республикамизда ҳар 100 минг аҳолига 150 нафар жазо ўтаётган шахс тўғри келиши, тизимда 43,9 минг нафар шахс сақланаётганлиги кўрсатилиб, Ўзбекистон бу борада 222 давлат ичида 105-ўринни эгаллаган”.

Пўлат Бобожонов сўнгги йилларда реал ҳолат яхшиланганини таъкидлаб, айни пайтда “жазони ижро этиш тизимидаги маҳкумлар сони 22,9 минг нафарни ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 67 нафар шахс тўғри келади”,- деб атди.

Вазирга кўра, Ўзбекистоннинг Қамоқхоналарни тадқиқ қилиш халқаро маркази рўйхатидаги кўрсаткичи 70 поғонага яхшиланган.

Интервьда ҳозирда ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси тасарруфида 43 жазони ижро этиш муассасаси ва 11 тергов ҳибсхонаси мавжуд экани ҳам билдирилди.

Муассасаларнинг 18 таси ёпиқ турдаги колония ва 25 таси манзил-колония ҳисобланади. Жазони ижро этиш тизимидаги колонияларнинг сиғимига нисбатан сақланаётганлар кўрсаткичи 56,4 фоизни ташкил қилмоқда.