Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида 18 август куни эълон қилинган “Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.
“Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш ҳисобланади”,-дейилади қонун лойиҳасида.
Айни пайтда ушбу қонун сиёсий партиялар ва бошқа диний ташкилотлар томонидан йиғилиш ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказилишида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Қонун лойиҳасида таъкидланишича, митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш учун рухсат олиш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ёзма ёки электрон шаклда 15 кун олдин ариза тақдим этилади.
Конституцион тузумни тажовузкорлик йўли билан ағдариш, миллий, ирқий ёки диний адоватни қўзғаш, зўравонлик ва урушни тарғиб қилиш мақсадида митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказиш тақиқланади.
Ўзбекистон Президенти, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар бошланишидан, референдум ўтказилишидан бир кун аввал ва сайлов куни сайлов участкаси ёпилгунга қадар митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш тақиқланади.
Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш қоидаларига амал қилинишини таъминлаш учун тўлиқ масъулиятни зиммасига оладиган 18 ёшга тўлган бир ёки бир неча Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари митинг, йиғилиш ва намойишлар ташкилотчиси бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда аҳоли ижтимоий муаммолар туфайли стихияли тарзда бир қатор норозилик акциялари ўтказгани тўғрисида Озодлик аввал хабарлар берган эди. Аммо шу кугача Ўзбекистонда "Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида”ги қонун мавжуд бўлмаган.