Берлин автойўлида содир этилган йирик автоҳалокат “исломчилар ҳужуми” сифатида баҳоланмоқда

Автоҳалокат содир этилган йўлда тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

Берлин автомагистралида бир нечта автомобилни туртиб, йирик автоҳалокатни содир этган 30 ёшли ироқлик шахс “бу ишни исломчилар топшириғи билан амалга оширганлик”да гумонланмоқда. У айни пайтда ҳибсда сақланмоқда.

18 август куни кечқурун содир этилган автоҳалокатда олти одам жароҳатланди, улардан уч нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

“Автоҳалокат содир этилган вазиятдан келиб чиқиб, биз бу воқеани тасодиф деб ҳисоблай олмаймиз. Дастлабки текширувлар бу воқеа исломчилар ҳужуми бўлганини кўрсатмоқда”,-деб билдирди Берлин прокуратураси.

Прокуратура қўлга олинган шахснинг руҳий саломатлигида муаммолар борлиги таҳмин қилинаётганини ҳам билдирди.

Маҳаллий матбуот Самрад А,, деб атаётган шахс A100 автойўлида ўз машинасида учта машинани ва бир мотоциклчини туртган. Воқеадан сўнг автойўл полиция томонидан тўсиб қўйилди.

2016 йилнинг декабрида ҳам Берлиндаги Рождество ярмаркасида террор гуруҳи жангариси Анис Амри одамлар устига юк машинасини бостирган эди. Ўшанда 12 киши ҳалок бўлган ва ўнлаб одам жароҳатланганди.

Кейинроқ келиб чиқиши тунислик бўлган Анис Амри Италиянинг Милан шаҳрида полиция томонидан отиб ўлдирилган.