Диний ташкилот раҳбарининг Ўзбекистон фуқароси бўлиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади

Маҳаллий диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган шахслар сони 100 нафардан 50 нафаргача қисқартирилди.

Диний ташкилот раҳбарининг Ўзбекистон фуқароси бўлиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади. Бу ҳолат “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари диний ташкилот раҳбарлигига кўрилаётган чет эллик фуқаро номзодини Дин ишлари бўйича қўмита билан келишиш ҳам талаб қилинмайди.

Айни пайтда қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинмоқда. Лойиҳа ҳукумат ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ишлаб чиқилган.

Янги қонунда эскисидан фарқли ўлароқ ҳар бир шахснинг диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиши, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларига уй шароитида диний таълим ўргатиш ҳуқуқига эга экани таъкидланган.

Бундан ташқари диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишда маҳалла иштироки, ҳужжатларини нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинди.

Маҳаллий диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган шахслар сони 100 нафардан 50 нафаргача қисқартирилди.

Қонун лойиҳасида рўйхатдан ўтказувчи органнинг диний ташкилот фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш бўйича ҳуқуқи чиқариб ташланди.

Қонун талабларини қўпол равишда бузган тақдирда, диний ташкилот фаолиятини олти ойгача суд орқали тўхтатиб қўйиш институти жорий этилди.