Ашхободда телефонларга VPN ўрнатган 30га яқин одам қамоққа олинди

Туркманистонда ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар, Озодлик радиоси сайтлари тўсиб қўйилган.

Туркманистон пойтахти Ашхободда ўз мижозлари телефонларига VPN ўрнатиб берган 30га яқин одам 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати маълум қилди.

Айни пайтда улар Туркманистон қонунчилигининг қайси моддаларига асосан қамалгани номаълум бўлиб қолмоқда. Ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидан бу борада маълумот олишнинг имконияти бўлмади. Лекин қўлга олинганларга полиция жиноий жавобгарлик билан таҳдид қилганини гувоҳлар айтмоқда.

Туркманистонда VPN ўрнатувчиларга нисбатан босим хориж давлатларида яшовчи туркманларнинг амалдаги президент Гурбангули Бердимуҳаммедовга норозилик билдириб ўтказаётган намойишлари кўпайиб бораётгани ортидан кучаймоқда, деб билдирди Озодлик радиоси туркман хизмати.

Радио мухбирларининг хабар беришларича, туркман ҳукумати бу каби норозилик намойишлари мамлакат ичида трансляция қилинишининг олдини олиш мақсадида мана шундай йўл тутмоқда.

Туркманистонда ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар, Озодлик радиоси сайтлари тўсиб қўйилган.