Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги “Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилишига Беларусдаги воқеаларнинг алоқаси йўқлиги ҳақида расмий баёнот берди.
Мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгандан сўнг ижтимоий тармоқларнинг ўзбек контентида ушбу қонунни қабул қилиш зарурати Беларусда ўтказилаётган оммавий норозилик намойишларидан сўнг вужудга келганлиги тўғрисида фикрлар пайдо бўлган эди.
Ички ишлар вазирлиги бу ҳолатни “турли ноўрин фикрлар” деб баҳолади.
“Мамлакатимизнинг амалдаги қонунчилигида йиғилиш, митинг ва намойишлар тушунчалари, уларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Мазкур ҳуқуқий бўшлиқ ҳанузгача, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасида кўрсатилган қоидаларни тўлиқ рўёбга чиқаришга имкон бермасдан келмоқда”, -дейилади расмий баёнотда.
Вазирликнинг билдиришича, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 2019 йил 22 декабрда Ўзбекистонда ўтказилган парламент сайловлари бўйича якуний ҳисоботида ҳам “фуқароларнинг ижтимоий фаолликларини тартибга солувчи бирорта норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги камчилик сифатида кўрсатилган эди”.
“Шунга асосан, вазирлик томонидан мазкур йўналишдаги халқаро (РФ, АҚШ, Германия, Франция, Эстония, Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон Қирғизистон, Қозоғистон) тажрибани чуқур ўрганган ҳолда юқорида кўрсатилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган”, -деб билдирди вазирлик.
“Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида 18 август куни эълон қилинган