Эрон: уриб туширилган Украина йўловчи учоғига икки ракета бориб урилган

Теҳронда уриб туширилган Украинага қарашли учоқ қолдиқлари, январь, 2020, Эрон

Эрон фуқаролик авиацияси ташкилоти йил бошида Теҳрон яқинида уриб туширилган «Украина ҳаво йўллари» авиаширкатига тегишли учоқ ҳалокати ҳақида илк расмий ҳисоботни эълон қилди.

23 август куни маълум қилинган ҳисоботга кўра, Теҳрондан Киевга учиб кетаётганида уриб туширилган Boeing қора қутиларидан маълум бўлишича, 25 сония муддат оралиғида учоққа икки ракета бориб урилган.

Ҳисоботда айтилишича, биринчи зарбдан кейин йўловчилар тирик бўлган.

Ўша кезда аввалига хатосига иқрор бўлмаган Эрон учоқ, АҚШ билан зиддият кучайган бир пайтда, тасодифан утиб туширилганини тан олганди.

Фожиа учоқ бортидаги 176 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси умрига зомин бўлди.

Эрон ўз хатоси учун Украинага товон пули тўлаб беришга рози бўлган.