Австрия Россия дипломатини, Россия Австрия дипломатини бадарға қилди

Австрия пойтахти Вена манзараси.

Австрия иқтисодий жосусликка алоқадорликда гумонланган Россия дипломатини мамлакатдан бадарға қилди. Бунга жавобан Россия ҳам Австрия дипломатини “персона нон грата” деб эълон қилди.

Австрия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Венадаги дипломатларидан бирига дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенцияси тартиб-қоидаларини бузгани учун мамлакатни тарк этишга буйруқ берди.

Австрия Ташқи ишлар вазирлиги Россия дипломатининг мамлакатдан бадарға қилиниши сабабларини тўлиқ очиқламади. Австриянинг Kronen Zeitung газетаси эса Россия дипломати узоқ йиллар давомида технологиялар ишлаб чиқарувчи ширкат фаолиятини жосус сифатида кузатиб борганини ёзди.

Россиянинг Венадаги элчихонаси Австрия ҳукуматининг “асоссиз қарори Россия-Австрия муносабатларига путур етказиши” мумкинлигидан огоҳлантирди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги бунга жавобан Австриянинг Москвадаги элчихонаси дипломатини ҳам мамлакатдан бадарға қилишини билдирди.