Мактабларда мажбурий форма талаб қилинмайди

Мактаб ўқувчиларини маълум бир кўринишдаги мактаб формасини сотиб олишга мажбурлаш мумкин эмас.

Янги ўқув йилида мактабларда мажбурий форма талаб қилинмаслиги тўғрисида АОКАда 25 август куни бўлган брифингда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.

Вазирнинг таъкидлашича, вазиятдан келиб чиқиб 2020-2021 ўқув йилида баъзи анъанавий талаблардан воз кечилади. Хусусан, давлат мактабидаги ўқувчилар учун форма мажбурий бўлмайди.

“Мактаб ўқувчиларини маълум бир кўринишдаги мактаб формасини сотиб олишга мажбурлаш мумкин эмас. Ўқувчилар белгиланган умумий тартибга риоя қилган ҳолда ўзи истаган кийимида келишлари мумкин”, -деди вазир.

Айни пайтда Ўзбекистон мактабларида янги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш, дарслар давомийлигини 30 дақиқа этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори ўринбосари Баҳодир Алматов 25 август куни бўлиб ўтган брифингда дарслар давомийлигини 30 дақиқа этиб белгилаш таклиф этилганини маълум қилганди. Бироқ халқ таълими вазири Шерзод Шерматов дарслар 45 дақиқа давом этиши тарафдори эканини айтган.

Шерзод Шерматов вазирлик мактабларни қайта очиш масаласида учта сценарий кўриб чиқилаётганини билдирган. Булар анъанавий мактабни очиш, онлайн мактаб орқали ўқитиш ва ҳам анъанавий, ҳам онлайн – аралаш сценарий.