Афғонистонда юрган селдан камида юз киши ҳалок бўлди

Афғонистонда ҳар йили сел оқибатида юзлаб одамлар ҳалок бўлади.

Афғонистоннинг Парвон вилоятида кучли ёмғир оқибатида юз берган сел оқибатида юз нафардан кўпроқ одам ҳалок бўлди. Бундан ташқари яна уч юздан кўпроқ одам жароҳатланди.

Парвон вилоят ҳокимияти расмий вакили Воҳида Шоҳкор сел оқибатида вайрон бўлган уйлар остидан ҳалок бўлганларнинг жасадлари яна топилиши мумкинлиги билдирди. Хабарларда айтилишича, ҳалок бўлганларнинг асосий қисми аёллар ва болалардир.

Шоҳкорнинг билдиришича, пойтахт Кобулдан 60 чақирим узоқликдаги Парвон вилоятининг маркази Чорикор шаҳрида бир мингдан кўпроқ турар-жой бинолари вайрон бўлган.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига таъзия билдирди ва селдан жабрланган Парвон ва бошқа вилоятларга инсонпарварлик ёрдами жўнатиш тўғрисида кўрсатма берди.

Паврондан ташқари Нангархор, Майдон-Вардак вилоятларида ҳам сел юрган ва бу вилоятларда ҳам ҳалок бўлганлар бор экани айтилмоқда. Афғонистонда ҳар йили сел оқибатида юзлаб одамлар ҳалок бўлади.