Европа Иттифоқи Беларусга санкция жорий этиш масаласини муҳокама қила бошлади

Беларусдаги норозилик намойишлари 18 кундан бери давом этмоқда.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Германия пойтахти Берлинга икки кунлик норасмий саммитга йиғилмоқда. Йиғилишда Беларусдаги сайлов ва тинч намойишчиларга ҳукумат томонидан зўравонлик қилингани муҳокама этилади.

Саммитда Беларусга санкция жорий этиш масаласи ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда. Аввалроқ Европа Иттифоқи Беларусдаги овоз бериш натижаларини сохталаштириш ва намойишларни куч билан бостиришга алоқадор 15-20 мансабдорга нисбатан санкциялар жорий этилиши мумкинлигини билдирган эди.

DPA агентлигининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, 27-28 август куни ўтадиган йиғилишда “қора рўйхатга” тиркаладиган мансабдорлар аниқланади.

Беларусда 9 август куни бўлиб ўтган сайловда амалдаги президент Александр Лукашенко ғолиб чиққани эълон қилинганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тўхтамаяпти.