Ўзбекистон мактаблари ЮНИСЕФ тавсияларини ҳисобга олган ҳолда иш бошлайди

Мамлакатдаги мактабларнинг 13 фоизида ўқувчилар қўлларини совун ва сув билан ювиш учун зарур шароитга эга эмас.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда пандемия шароитида таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йилини ташкил этишда амалга ошириладиган тадбирлар тўғрисида қўшма қарор лойиҳасини ишлаб чиқди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, қарор БМТнинг болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) тавсиялари асосида яратилган.

Қарорда мактаб раҳбарларига қўлларни мунтазам равишда ювиш жадвалини тузиш, қўл ювиш жойларини ҳозирлаш ҳамда уларни совун ва сув, шунингдек, ичимлик суви билан таъминлаш каби вазифалар юкланди.

Бундан ташқари мактаб тасарруфидаги ўқув ва маиший биноларга кириб-чиқишда дезинфекция воситаларини жойлаштириш, синфхоналар шароитини ўқувчилар орасида масофа сақланишига мослаб қайта кўриб чиқиш, мактабларда “эрталабки филтрлар” ва “изоляция” хоналари ташкил этиш ҳам назарда тутилди.

Август ойининг ўрталарида ЮНИСЕФ Ўзбекистон ҳукуматини мактабларни қайта очилишидан олдин сув билан таъминлашга, санитария ва гигиена шароитларини яхшилашга чақирган эди.

Ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси расмий сайтида эълон қилинган ҳисоботда таъкидланишича, мамлакатдаги мактабларнинг 13 фоизида ўқувчилар қўлларини совун ва сув билан ювиш учун зарур шароитга эга бўлмаган.