Ўз қизи бошини кесиб ташлаган эронлик 9 йилга қамалди

Ромина ўзидан 15 ёш катта шахсга турмушга чиқишга отаси рози бўлмагани учун уйдан қочиб кетган эди.

Эронда 14 ёшли қизи бошини болта билан чопиб ташлаган шахс 9 йилга қамалди.

IRNA хабар агентлиги суд қарори 28 август куни эълон қилинганини билдирди. Агентликка кўра, қизнинг онаси ҳукмни ўзгартириб, қотилни ўлим жазосига ҳукм қилишни сўраган.

Марҳума Ромина 21 май куни ўз отаси томонидан ваҳшийларча ўлдирилиши ортидан президент Ҳасан Руҳоний афсус изҳор қилиб, зўравонликка қарши қонунларни қабул қилишга чорлаган эди.

Хабарларга кўра, Ромина ўзидан 15 ёш катта шахсга турмушга чиқишга отаси рози бўлмагани учун уйдан қочиб кетган.

Эрон расмийлари эса уни қўлга олиб, отасига топширган.

Маҳаллий матбуот Ромина турмушга чиқишни истаган шахс икки йилга қамалгани ҳақда хабар қилди, аммо унга қандай айблов қўйилгани маълум эмас.