Черногориядаги парламент сайловида мухолифат олдинда бормоқда

Черногория пойтахти Подгорица кўчалари сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинганидан кейин, 2020 йил 30 августи.

Черногорияда 30 август куни бўлиб ўтган парламент сайловида “Черногория келажаги учун” мухолифат коалицияси ҳамда бошқа мухолифат партиялари ва ҳаракатлари олдинда боряпти. Улар йиққан овозларнинг жами 50 фоиздан ошади.

Мамлакат президенти Мило Жуканович бошчилигидаги Социалистлар демократик партияси (ҳукмрон партия) учун сайловчиларнинг 33 фоизи овоз берган. Мониторинг ва тадқиқотлар маркази (CEMI) ўтказган экзитпол натижалари шундан дарак бермоқда.

Шу тариқа, ҳукмрон партия 81 ўринли парламентда 30 ўринга эга бўлиши, россияпараст “Демократик фронт” дохил бирлашган мухолифат коалицияси эса 41 ўринга даъвогарлик қилиши мумкин.

“Черногория келажаги учун” коалицияси лидери Здравко Кривокапич парламент сайловида мухолифат ғалаба қозонганини эълон қилиб бўлди.

Президент Мило Жуканович эса ҳукмрон партия мағлуб бўлганини тан олмаслигини билдириб, расмий маълумотлар эълон қилинишини кутиб туришга чақирди.

Аввалроқ мухолифатдаги уч коалиция ҳукумат ташкил қилиб, Черногорияни қарийб 30 йилдан бери бошқариб келаётган Жукановични истеъфога кетказиш ниятида эканини билдирган. Танқидчилар уни коррупцияда, мустақил оммавий ахборот воситаларини таъқиб қилганликда ва сайловларда сохталаштиришларга йўл қўйганликда айблаб келадилар.