Боғчалар ва мактаблар фаолиятига 5 сентябрдан рухсат берилди

Мактаб ва боғчалар фаолияти анъанавий ва масофавий шаклда олиб борилиши мумкин.

Республика махсус комиссияси карантин талабларини юмшатиш мақсадида 5 сентябрдан болалар боғчалари ва мактаблар фаолиятига рухсат берди.

Қарорда таъкидланишича, бу масалада ота-оналарнинг фикрлари ва маҳаллий депутатлар кенгашларининг таклифлари инобатга олинган. Мактаб ва боғчалар фаолияти анъанавий ва масофавий шаклда олиб борилиши мумкин.

Иш бошлаган мактаб ва боғчаларда ходимлар ҳамда тарбияланувчиларнинг тана ҳарорати мунтазам ўлчаб борилиши шарт.

Тана ҳарорати 37⁰С ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходимлар ва болалар машғулотлардан четлатилади.

Ходимлар тиббий ниқобдан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлаши шарт бўлади. Бундан ташқари санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий риоя этиш, бино хоналарни доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш талаб қилинади.