Италия собиқ бош вазири Берлускони коронавирусга чалинди

Сильвио Берлускони.

Италия собиқ бош вазири Сильвио Берлускони коронавирус инфекциясини юқтириб олди. У ҳозирда Милан яқинидаги уйида ўзини ўзи изоляция қилиб, ишлашда давом этмоқда.

Берлусконининг вакилига кўра, собиқ бош вазир бўлажак маҳаллий сайловларда ўзининг “Олға, Италия!” партиясини тамсил қилган номзодларни дастаклашда ҳамда матбуот билан масофадан туриб мулоқот қилишда давом этади.

Берлусконини даволаётган врач собиқ бош вазир хасталикни симптомларсиз ўтказаётганини билдирди.

Берлускони сентябрь ойи охирида 84 ёшга тўлади. У тўрт марта Италия бош вазири лавозимини эгаллаган.

Италия узоқ вақт Европада COVID-19 нинг ёйилиш марказларидан бири бўлган. Эпидемия бошланганидан бери мамлакатда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 270 дан зиёд ҳолат аниқланган, хасталикдан 35,5 минг бемор қурбон бўлган.