Ўзбекистонда коронавирусга чалинган болаларда «Кавасаки синдроми» кузатилгани ҳозирча расман тасдиқланмаган, лекин бу касаллик учрамади дейиш ҳам қийин. Бу ҳақда АОКАда ўтган брифингда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева маълум қилди.
“Бизда бу синдром учради дейишимиз учун касаллик тасдиқланиши керак. Бугунги кунда бу синдромга ўхшаш ҳолатлар аниқ ўз тасдиғини топмади. Бироқ бу бизда кузатилмайди ҳам дегани эмас, "Кавасаки синдроми"га ўхшаш касалликлар болаларда кузатилиши ва кўпайиши ҳам мумкин. Бизнинг давлатимизда бу касаллик учрамади дейишимиз қийин, балки болаларда кечган ўрта оғир турларида бу касаллик белгилари ўхшаш ҳолатлар кузатилган бўлиш эҳтимоли бор”,- деди расмий.
Севара Убайдуллаеванинг айтишича, “Кавасаки синдроми” генетик касаллик бўлиб, у асосан 4-5 ёшгача бўлган болаларда учрайди.
Бу — жуда ҳам кам учрайдиган катта ва майда қон томирлар ўзгариши, бола организмининг тизимли ўзгариши билан кечадиган касаллик. Бугунги кунда ривожланган давлатларда, Россия Федерацияси ва қўшни Қозоғистон давлатида ҳам бу синдромга ўхшаш ҳолатлар болаларда кузатилаётгани ҳақида маълумотлар бор.
Мутахассиснинг билдиришича, бу синдромга ўхшаш касаллик келиб чиқишида коронавирус таъсирида бола организмида кечадиган кучли яллиғланиш унинг иммун тизимини кучайиши, қон-томирлар ўтказувчанлигини бузилишини келтириб чиқаради.
Боланинг тана ҳарорати 5 кун ва ундан ортиқ 38 даражадан юқори бўлади. Бола танасида турли тошмалар тошиши кузатилади, қўллар кафти ва товонлар териси кўчиши кузатилиши мумкин.
“Ота-оналар болаларда шамоллаш аломатларини пайдо бўлиши билан поликлиникалардаги оилавий шифокор ёки педиатрга мурожаат этиши лозим. Бу синдром юрак миокардига бўлган таъсири сабаб миокардит касаллигини келтириб чиқаради, баъзи ҳолларда бола организмидаги кучли иммун реакция унинг ўлими сабабчиси бўлиб қолиши ҳам мумкин”,-деди Севара Убайдуллаева .